Uz Ru En
Asosiy / Yangiliklar / Муҳожирлик машаққатл..
Asosiy saxifaga qaytish

Муҳожирлик машаққатлари

11.05.2019 10:05

    Ўткан асрнинг 20-30- йиллари... Зиддиятли, мураккаб даврларнинг  оғир уқубатлари инсоният тарихида чуқур изга айланди. Кўплаб зиёлилар мавжуд тузумга қарши бош кўтарганликда айбланиб, аёвсиз жазоланган : отиб ташланган, қамоққа олинган, сургун қилинган. Ўз юртини тарк этиб, бошпана ва тинч ҳаёт излаб минглаб километр масофани кема, поезд, автобусларда ёхуд пиёда босиб ўтганлар қанча? Ушбу машаққатли йўлда  бахтсиз ҳодисаларга рўбарў бўлиб, ҳаётдан бевақт кўз юмганлар-чи? Афсуски, минг азоблар билан манзилга етиб кела туриб  осуда ҳаётни тополмай оввораи сарсон бўлганлар ҳам йўқ эмасди.

     Абдурахим Мирахмад отанинг ёшлиги кўчиб юришлар-у машаққатлар залвори билан кечди. Муҳожирликда кўплаб қийинчиликларни кўрган қаҳрамонимизнинг ҳикоясини тинглаб таъсирландик. Айни кунларда отамакони – Ўзбекистонга қайтиб келиб, осуда ҳаёт кечираётган қаҳрамонимиз билан бўлган дардли суҳбатимизни сизларга ҳам илинамиз.

 

 

- Тақдирнинг ҳар инсонга аталган синовлари бўлар экан.

- Ҳа, бу синовлар бизни ҳам четлаб ўтмади. Ҳаётимдаги мураккабликлар, аввало, отамнинг тақдири билан чамбарчас боғлиқ. Унинг исми Хилол, тошкентлик бўлган. Ҳозирги Шайхонтоҳур тумани “Хастимом” маҳалласи "1-тор" кўчасида яшаган. Отамнинг 1932 йили онам билан Афғонистонга муҳожир бўлиб кетишади.  Албатта, бу мухожирликнинг сабаблари бор. Отам ноиложликдан юртини ташлаб кетишга мажбур бўлади.

 Ҳар доим ўз ватанининг мустақиллиги учун тинимсиз кураш олиб борган. Афсуски, мақсадини тўлиқ амалга оширмай туриб қамоққа тушиб, 3 йил давомида Сибирда қувғинликда яшайди.

1925-1935 йиллар Совет тузумига қарши чиққан, озодлик учун курашган инсон “ватан хоини” тамғаси билан оғир жазоларга маҳкум қилинарди.

 

- Ота-бобонгизнинг касби нима бўлган?

- Бобом савдогар, чой олди-соттиси билан шуғулланган. Ўша пайтдаги бойлардан бири бўлган. Амакиларим, отам ҳам бобомнинг йўриғидан кетишган.

Отам Сибирда қувғинликда юриб касалманд бўлиб оғир хасталикни бошдан кечиради. Шифохонага тушади. Ўша ерда онам билан танишади. (Онам татар оиласидан бўлган). Бир - бирларига меҳр қўйиб, турмуш қуришганча бир йил Сибирда яшайдилар. Кейинчалик Тошкентга қайтишади. Кечқурун уйга кириб келиб отам уйдагиларга онамни таништиради. Бобом бу ишидан жаҳлланиб, бувимга онамни уйга олиб киришини буюради. Отамни эса дарахтга бойлаб қамчида эрталабгача уриб чиқади. Кейинчалик онамнинг айтиб беришича, ўша пайтда ўзбек тилини умуман тушунмаганлиги учун нима қилишини билмай, қўрқувда тонг оттирган экан. Шу-шу бобом онам билан то ўлимига қадар гаплашмаган. Фақат вафотидан олдин ундан кечирим сўраган, холос.

            Отам Сибирдан қайтганидан бир неча ой ўтгач, зиёлиларга нисбатдан адолатсизлик кучаяди. Барча бадавлат одамларнинг моллари олиб қўйилади. Бизнинг ҳам  уйимиз тортиб олинган. Бундай ноҳақликларга чидолмаган ота-онам Термиз орқали Афғонистонга ўтиб кетишади. Бу қўшни давлат  советлар таъсирида бўлмаганлиги учун ҳам муҳожирлар учун  тинчроқ бўлган.

 

-Ота-онангизнинг ҳамма мол-мулки тортиб олинганми?

 

-Йўқ. Ўзбекистондан ўзлари билан 2 хум тилла ва бошқа буюмларни бекитиқча олиб кетишган. Йўлда кетаётиб, қароқчиларга дуч келиб қолдик дея шошилинч хумларни кўмишга киришишади. Лекин улар Афғонистоннинг маҳаллий аҳолиси бўлиб чиқади.

 Кечаси Хайратонга боришган, эрталаб отам билан онам хумларни ковлаб олишга келиб, топа олишмайди. Кейинчалик Қундуз шахрида яшайдилар. Отам серқирра инсон бўлган. Илми кучли, серҳунар, ҳаракатчан... Хаммом ясаб тирикчилик қилади. Кейин новвойчилик билан шуғулланиб, ўзини анча тиклаб олган.

Амакиларим ҳам кейинчалик Афғонистонга келишган. Битта кичик амаким ва аммам Ўзбекистонда қолишган эди. Бири оиласи билан Туркияга кетган. Бизнинг оила Афғонистонда қолган.

 

- Ота-онангиз Афғонистонда ўзбеклар бирга яшашганми?

Аввал бирга яшашган,  кейин бошқа жойларга кўчиб юришган. Шу кўчишлар орасида мен дунёга келганман. У пайтда Қобулда яшардик.

Ўзбекларга муносабат яхши бўлмаганлиги учун кўп таъналарни эшитганмиз. Имкон қадар ўзбеклигимни яширишга, тан олмасликка уринардим.

Андижонлик,  қўқонлик ўзбеклар билан алоқалар бир мунча яхши эди. Бироқ, у пайтда ҳам маҳаллийчилик авжида бўлган. Масалан, бир маҳалладаги тошкентлик андижонликка қиз бермаган, олмаган ҳам.

Вақт ўтиши билан бу нарсалар камайди, афғонга қиз бергандан кўра бу бир-бири билан қуда бўлиш афзал бўла бошлаган. Кейинчалик бу ҳолатлар умуман йўқолиб кетди.

Тўйларда йиғилардик. Ҳуллас, , таналардан қочиш учун ўзбеклигимни яширардим. У пайтлар мен отамга ёрдам бериш ниятида бирга ишлай бошладим. Отам дудланган гўшт чиқарарди, иши яхши  эди, ёрдам берсам, қуруқ қўймасди. Бизни пулга қизиқтирган. Ўқишдан чиқиб ёнига борардим.

 

 

- Афғонистонда қанча вақт яшадинглар?

- Муттасил эмас. Афғонистон коммунистик давлатга айланганидан кейин Довудхон келди.

 Муҳаммад Зоҳиршоҳ  Афғонистон подшоҳи сифатида 1933 йил 8 ноябрдан 1973 йилнинг июль ойига қадар Афғонистон қироллигини бошқарган. Амакиваччаси Муҳаммад Довуд унга қарши чиқиб тахтни эгаллайди.

1-2 кун ҳамма жойда нотинчлик урчиди. Отамлар билан чой ичиб ўтиргандик, «Абдурахим кетмасак бўлмайди”, деб қолдилар. Ўшанда 18 ёшда эдим.

-Қаерга кетамиз ота, ватандандан қочиб келдик, қанча қийинчиликларни кўрдик, энди қўним топганимизда, яна кетамизми?

 Отамнинг кўзларидан ёш оқди.

 -Сенга Афғонистон ҳеч қачон Ватан эмас.

Унча рўйхушлик билдирмасамда, Афғонистондан чиқиб кетдик. Довудхон коммунистик партия аъзоси эди, отам шундан чўчиди. Коммунистлар ҳокимиятга келса, биз учун яхши бўлмаслигини билган. Коммунизм диндан чиқариб юбориши ва бошқа кўнгилсизликларга сабаб бўлиши муқаррар эди. Шу пайт ота-онам, акам, мен ва отамларнинг иккинчиа аёли икки фарзанди билан йўлга тушдик. Эрондан Саудия Арабистонига бордик. Тил билганлигимиз сабаб қийинчиликсиз етиб олдик.

 

- Ўзбек тилини ҳам билармидинглар?

- Албатта. Ўзбек тилига бошқа тилларни қўшиб-аралаштириб  гапирсак, отам қаттиқ уришарди. Ўзбек тилига бошқа тилни қориштирма. Кун келиб ватанимиз мустақил бўлади. Қайтиб борсанг, ўшанда ўз тилингни сўзлай олмасанг, ўзбек эканингга ким ишонади»  деб куюнар эди.

Ўзбекистонга қайтишга отам кўп харакат қилди. Аммам у ердан бизга визаларни юборарди, элчихонадан бизгача етиб келмасди. Отам аммамдан  хафа бўларди. Хуллас, ўз ватани отамга армон бўлиб қолди.

 

- Арабистондаги ҳаёт қандай кечди?

 - Акамлардан бири (исми Абулхафиз) биздан олдин Арабистонда анчадан бўён яшарди. Лекин шунга қарамасдан ,фуқароликни ололмаган.

Биринчи, Даммомга тушдик, кейин Риёзга ўтганмиз, ундан кейин Тоиф. Тоифга борганимизда ҳамшахарлар меҳмон қилишди, ҳатто акам ҳам Маккадан келди. Кечга бизни акам Маккага олиб борди. Шом намозини ўқиб, йўлга чиқадиган бўлдик. Кетар чоғ пойафзалимни тополмадим. Қидираётганимни акам кўриб,  «А, майли эгаси олиб кетибди, юр кетдик» деб ҳазиллашиб қўйди. Шунақаям бўларканми,  Арабистонда ўғирлик бўлмаса керак, деб тасаввур қилардим.

 Маккага етиб келиб, Каъбани зиёрат қилдик ва акамнинг уйига бордик. 15 кунча акамникида турдик. Кейин отамнинг Наби хожи деган асли тошкентлик ўртоғининг уйига бордик. У ҳам Арабистонда яшарди. Отам уни уйлантирган экан. Кўп ёрдами теккан. Отамдан ёши катта бўлсада, падаримни “ота” дерди. Шу одамнинг қистови билан пастдаги уйида 1 йил яшадик.

 

- У ерда нима билан шуғулланар эдинглар?

- Тижорат билан. Хитойдан жойнамоз олиб келинар эди. Ўзбеклар бошқа касб билан ҳам шуғулланишган. Акам техника уста эди. Хиндистонда ўқиган, рус тилини яхши билган. Ўзига техник марказ очган.

Бўёқчиликми, электрикликми, сантехникликми йўқ демасдик. Тирикчилик учун яхши билмасакда таваккал қилиб борардик. Бўёқчиликдан яхши пул топар эдик. Хафтасига 2 минг АҚШ доллари.Саҳардан то тунгача ишлар эдик.

Отам у пайтда ишламасди, 75 ёшда эди. Анча қариди. Афғонистондан кетганимиздан сўнг оғиркарвон бўлиб қолганди. Умуман гапирмасди.

 

- Араблар қандай муомалада бўлишган?

- Ўша пайтда Ўзбекистон ҳақида билишмаган ҳам. Фақат  Имом Бухорий ҳақида хабардор бўлишган. Олти йил давомида қийинчиликларда тобландик. Тирикчилигимиз Бангладешдан иш кучи келганидан сўнг хароб бўлди. Улар арзимас пулга ҳам ишлашган. Биз 160 реалга қиладиган ишни улар 10 реалга қилиб кетаверишган.

 Бошқа ўзбеклар Хитойдан келган велосипедларни сотиб тижорат қиларди. Уларни ўраб беришга кўмаклашдим. Донасига 1 АҚШ долларидан кунига 30 дона боғлар эдим.

 Онам ўша пайт уйланасан деб туриб олди. Бироқ уйланишга пул йўқ. У пайт 27 ёшга тўлган эдим. Охири рози бўлдим, лекин онам билан шартлашдим, биринчи борган жойидан розилик олса, уйланишимни, уддалай олмаса,  уч йилдан кейин уйланишимни айтдим. Аксига олиб, эртасига онам қиз томонни рози қилиб келди. Марҳум қори Шаҳобиддин Марғилоний деган ўзбекистонликнинг қизини олиб беришди. Қалин пулига 10 минг реал бериш керак, менда 7,5 реал бор эди. Нима қилишни ҳам билмайман. Қарз кўтаргим келмайди. Кечки пайт дарвоза тақиллади. Мохидил ака деган тошкентлик киши бўлар эди. Қўлимга пул тутқазиб, "бу тўёна, қарз эмас!" деди. Санасам 2,5 минг реал экан. Онам қўнғироқ қилиб айтган, деган шубҳа келди ҳаёлимга. Онам мен ҳеч нарса қилганим йўқ, Аллоҳ ғойибидан берсин, деб дуода бўлдим ҳолос деди. Тўй бўлиб ўтди

 

- Арабистондаги ўзбеклар билан алоқалар яхшимиди?

- Ҳа кўришиб турардик. Кўп ўзбеклар фуқароликка ўтиб кетишган. Улар ўзини кибирга берилиб  катта тутарди. Биз эса ҳамроҳларимиз  билан  яхши эдик. Бир - биримизга оқибат бўлардик. Фуқароликни олганлар билан умуман келиша олмасдик. Фуқароликка ўтиш қийин бўлганлиги учун ҳаракат ҳам қилмаганмиз.

 

-Улар қандай қилиб фуқароликни олишган?

-Ўша пайтларда фуқароликни таклиф қилишган. Биз келгандан сўнг фарзанд дунёга келса,  берадиган бўлишди. Кейинчалик у ҳам йўқолиб кетди.

Тошкентлик Шоиф амаки деган инсон бўлар эди. У ҳам отамга ўхшаб қамалганлардан. Тилни унутма, Ватанимиз мустақил бўлганда, қайтиб борасан, сен қийналсанг ҳам, фарзандларин  ўз ўрнини топиб кетади.

 

- Ўзбекистонга қачон келдингиз?

- Биринчи келишим 1995 йил бўлган. Дўстим билан Ўзбекистонга бир ойлик виза билан келдик. Арабистонда 1992 йил ўзбекистонлик хожилар билан танишган эдим. Улар орасида Раҳматиллоҳ қори ҳам бор эди. Ўзбеклигимни билиб ҳайратланишган.  Танишдик, гаплашдик. Ёрдамини аяшмади.

 1996 йил 3 ойлик виза қилиб, бир ўзим Ўзбекистонга яна қайтиб келдим. Устачилик билан шуғулландим. Олой бозоридаги “Goldenт wing” кафесини ремонтини бир шеригим билан қилиб бердик.

 

- Ўзбекистонда қаерда яшагансиз?

- Бир дўстимнинг уйида. Чилонзор туманида уйи бўлар эди. Битта ўзим ўша уйда яшаганман. 3,5 минг доллар қарз бўлиб қолдим. Саудия Арабистонига қайтгани юзим чидамади. Бола чақам ҳам ўша ерда қолган. 2та фарзандим бор эди у пайт. Лекин кўзимга хеч нарса кўринмади, Ўзбекистонда қолдим. Иш йўқ, пулим ҳам йўқ. Оч қолган кунларим ҳам бўлди. Бир дўстим бор эди, ҳозирги вақтда Америкада яшайди. Қорним оч қолганида шуникига бориб овқатланар эдим. Шу ўртоғим чўнчагимга пул солиб қўяр эди. Мен шу тарзда яшаб келдим. Мен билан диллашадиган одам топилмаса-да, шу ерда қолишга аҳд қилдим. Ота юртимда яшаш мен учун катта бахт эди.

Мана, 20 йилдан буён катта озор кўрганим йўқ, ҳамма қийинчиликка сабр қилиш керак. Муваффақиятга ҳам аста - секинлик билан эришилади.

Орзуларим ушалиб уй олдим. 3.5 йилдан кейин иккинчи марта уйландим, Икки фарзандим бор. Ўзбекистон фуқаролигини олмаган бўлсам-да, кичик ўғлим ва қизим, набираларим  Ўзбекистон фуқароси. Қизим паспорт олган куни кечаси билан йиғлаб чиқибман. Ўзингизда бўлмаган нарсанинг қадрини яхшироқ биларкансиз. Шу кунларга етказганига шукр дейман.

 

 

- Ҳозир фарзандларингизнинг дуои жонида бўлиб юрсангиз керак.

- Албатта, уларнинг камолини кўришдан ортиқ саодат борми. Лекин, бўш ўтирмайман.  “Орзу” ош тузи корхонасини раҳбарман. Халқимга нафим тегса дейман.

Корхонанинг бунёд бўлиши ҳам ўз-ўзидан бўлмагандир.

- Жамол , мендан 15 ёш кичик жияним. Пластик ишлаб чиқариш билан шуғулланар эди. Бир куни қўнғироқ қилиб қолди. Ишхонасига боришимни айтди. Бирга ишлашни таклиф қилди. Ойига 200 АҚШ доллари маош берди. Беш ой атрофида ишладим. Туз қадоқлаб кўришни ҳам режа қилдик. Навоийдан туз обкелиб қадоқладик. Жамол тушган фойдадан 12 фоизини берадиган бўлди. Тузлар қопларда келар эди. Биз уларни пакетларга тақсимлардик. Савдо унчалик юришмади. Радиога бориб реклама бердим. Реклама радио тўлқинларида  бир ой айланди. Савдомиз аста- секин ўса бошлади. Шундай қилиб бизнесимизни ҳам оёққа турғазиб олдик.

Аллоҳга шукрки, фаровон, тинч юртда яшаяпмиз. Бу осуда ҳаёт осонликча келмаган.  Муҳожирликда юртма-юрт сарсон бўлиб, машаққатлар гирдобида қолганлар буни янада теран тушунади. Ҳамиша шукрона билан яшайди.

 

Do'stlar bilan ulashish:

Sharh qoldirish uchun iltimos shaxsiy profilingizga kiring